Фархад Романов – Йил адвокати-2022 танловининг «Порлоқ юлдуз» номинацияси бўйича ғолиби

1. Бу танловда нега ғолиб бўлдим деб ҳисоблайсиз? Нега айнан шу категорияда?

Ўзбекистонда адвокатларнинг ўртача ёши юқори, мен эса давлатимизга ёш адвокатлар керак деб ҳисоблайман. Одамлар орасида адвокатларга бўлган ишонч ошишини, одамларнинг адвокатлик касбини ҳурмат қилишларини, уларни “фирибгар” сифатида эмас, балки мижоз манфаатлари учун курашадиган шахс сифатида кўришларини истайман. Юридик факультет талабалари билан учрашганимда, уларга адвокатлик касби ҳақида маълумот бериб, нега бу касб айнан ёшларга мос келишини тушунтираман. Мени юридик факултетга кўп таклиф қилишади, улар билан ёшларни адвокатлик касбига йўналтириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келаман. Бундан ташқари, “Ёшлар агентлиги” билан ҳамкорлик қилиб, ёш тадбиркорларга бепул юридик ёрдам кўрсатиб келаман. Шуларни эътиборга олиб, бу танловда ғолиб этиб танландим, деб ҳисоблайман. 


2. Нима учун адвокат бўлишни танлагансиз?

2016 йилда биринчи марта бу касбда ўзимни синаб кўрганман. Кейин Адлия вазирлигида ишлаган бўлсамда, яна адвокатликка қайтдим. Мени адвокатлик касбига энг кўп жалб қилган нарса бу эркинлик бўлди. Сиз ўз иш жадвалингизни ўзингиз белгилайсиз, қайси ишларни олишни ва қандай ҳимоя стратегиясидан фойдаланиш бўйича ўзингиз қарор қабул қиласиз. Менимча, адвокатлик бошқа юридик касбларга қараганда кўпроқ касбий мустақилликни таъминлайди. Бу ўзимни тўлақонли ва ишончли ҳис қилишимга ёрдам беради. Мен ўз билим ва кўникмаларимни янада ривожлантиришдан завқланаман. Бу орқали мен атрофимдагиларга, жамиятга, оиламга ижобий таъсир кўрсатишим мумкинлигини ҳис қиламан. Жамиятга қўшаётган ҳиссам шунда деб биламан. Бу менинг ИКИГАИм. Бу 4 асосий элементдан иборат япон концепцияси: мен нима қилишни яхши кўраман, нима учун фойдалиман, қайси ишни яхши уддалайман ва қайси иш орқали даромад топа оламан. 


3. Энг кўп нима билан фахрланасиз?

Мен эришган оқловларим билан фахрланаман. Менинг ҳуқуқий ёрдамим билан одамлар қамоқдан чиқиб, ҳаётларини давом эттираётганларини кўрсам, ҳурсанд бўламан. Айниқса, бир иш, Нукус давлат педагогика институти ректори ва проректорининг иши, мен учун алоҳида аҳамият касб этган. 2018 йилда у инсонга нисбатан айблов эълон қилинди ва 2021 йилда улар оқланди ва ўз ишига тикланиши бўйича суд қарори чиқарилди. Ушбу ишда адвокат сифатида иштирок этганман. Бу инсонга ва унинг оиласига ҳаётни қайтаришдек туюлади. 


4. Ўз ишингизни нима учун қиласиз - сизни нима мотивация қилади? 

Менга энг кўп мотивация берадиган нарса – бу яқинларимнинг ва ҳимоям остидаги шахсларнинг ишончи. Мижозларим ўз ҳаёти ва тақдирини менга ишониб топшириши. Қолаверса, жамиятимизнинг ҳуқуқий тизимини миллий миқёсда ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшаётганимни билиш ҳам менга қўшимча мотивация беради.


5. Профессионал фаолиятингиздаги энг қийин нарса нима?

Асосий муаммолардан бири тўлиқ малакага эга бўлмаган ёки тартиб-қоидаларни тушунмайдиган ҳукумат амалдорлари ва терговчилар билан ишлашдир. Шундай инсонлар туфайли мени ҳимоям остидаги шахс қамоқда узоқ қолиб кетиши, ёки ишлари битмай қолиши мумкин. 

Мен айтмоқчи бўлган иккинчи муаммо - одамлар орасида адвокатларга ишонч йўқлиги. Ёш адвокатлар касбимизга бўлган ишончни тиклаш устида ишламоқда. Ёшларни кўпроқ касбга жалб қилсак, менимча, кўрсаткичларимиз яхшиланиб, адвокатларга бўлган ишонч ортади. 


6. Шу пайтгача фаолиятингиз давомида қилган қандай ишингиз ёки эришган қандай ютуғингиз борки, у ҳақида одамлар билишини хоҳлаган бўлардингиз?

Мен адвокат сифатида иккита асосий ҳуқуқ йўналишига эътибор қаратганман – бу бизнес ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси. Шулар доирасида кўпгина ютуқларга эришганман. Мисол учун, мен солиқлар билан боғлиқ муаммони бир қанча корхоналар фоидасига ҳал қилиб беришга муваффақ бўлдим ва 8 та оқловга эришдим. 


7. Сизни ишингизнинг жамиятга таъсири қандай деб ўйлайсиз – бирон мисол келтира оласизми?

Мен ҳимояга муҳтож етим болалар билан ишладим, биламиз, бу заиф гуруҳ. Уларнинг мактабга ёки олий таълим муассасасига кирганда, васийлар ёки ҳукумат томонидан қопланиши керак бўлган маълум тўловлари қопланмаган эди. Мен бу масалани болалар манфаати учун ҳал қила олдим. Шунингдек, кичик бизнес (савдо дўконлари) ташкил этган, бироқ зарур ҳужжатларини олмаган 50 дан ортиқ тадбиркорларга ўз фаолиятини давом эттиришлари учун зарур ҳужжатларни олишга ёрдам бердим.


8. Нега бу танловга ариза топширдингиз?

Чунки мен бошқалар кўриши ва жамият учун фойдали деб тан олиниши керак бўлган ютуқларга эришдим. Ўзимни кучли номзод деб ҳисоблаганим учун ариза топширдим.

Donors
USA International Narcotics & Law Enforcement Democracy, Human Rights, and Labor Department Of State EU