1. Бу танловда нега ғолиб бўлдим деб ҳисоблайсиз?
Ҳозирда ҳуқуқий тизимда бир қанча муаммоларни кўряпман. Масалан, кимгадир айб қўйилса, тергов жараёнлари ўша одам аллақачон айбдор деган ёндашув билан олиб борилади. Бу сиз айбсизлигингиз исботланмагунча айбдорсиз дегани. Ваҳоланки, бу нотўғри ёндашув. Шахс унинг айби исботланмагунча айбсиз. Бу жиноий жавобгарликка тортиш фойдасига жуда нотўғри. Бу адвокатлар учун катта қийинчилик туғдиради ва инсонни ҳимоя қилишда адолат мувозанатини бузади.
Фаолиятим давомида эришган энг муҳим ютуқларимдан бири 21 та оқловга эришганимдир. Мен алоҳида фахрланадиган бир иш бор. Сурхондарёда ҳимоям остидаги шахс фойдаланиш учун ерни ижарага олган бўлган. Ердаги сувни тежаш учун у ўша ерда дарахтлар ўстирган. Унинг ижара шартномасига кўра, ерда яратилган ёки қурилган ҳар қандай нарса унинг мулки ҳисобланган. Аммо у дарахтларни кесиб ташлагач, экология қўмитаси унга қарши айблов билан чиққан ва иш мураккаблашиб, Олий судгача етиб борган. Икки йилдан сўнг, мен ҳимоямдаги шахс учун оқловга эришишга муяссар бўлдим.
2. Нима учун адвокат бўлишни танлагансиз?
Мен прокуратурада маълум бир лавозимларда ишлаганман, терговчи ҳам бўлганман, лекин ўзимни адвокат сифатида кўраман. Мижозимга ёрдам бериш, унинг қадр-қимматини тиклаш, ҳатто ҳаётини қайтариш мен учун энг фаҳрли иш. Шунинг учун, мен адвокат бўлишни танлаганман.
3. Профессионал фаолиятингиздаги энг қийин нарса нима?
Шахсан мен учун энг қийин масалалардан бири шуки, суд жараёнида адвокатлар асосли илтимосномалар билан чиққанларида, илтимосномалар ҳеч қандай тушунарли ёки қонуний асосларсиз рад этилади. Масалан, биз маълум далиллар келтирамиз, қўшимча тиббий экспертиза ўтказишни сўраймиз ёки илтимоснома билан мурожаат қиламиз, лекин суд буни тушунтирмасдан рад этади. Бу ҳафсалангизни пир қилади, албатта.
Ўзбекистонда қарама-қаршилик принципи нега ишламаётганининг сабабларидан бири ҳам шу. Биз прокуратура билан тенг эмасмиз. Судлар ва тергов органлари қонун ҳужжатларида белгиланганидек мустақил эмас. Тўғри, суд давлатнинг, жамиятнинг, адлия тизимининг манфаатларини ҳисобга олиши керак, лекин оддий одамларнинг манфаатлари ҳам четда қолиб кетмаслиги керак. Афсуски, ҳозир шу масала катта асосий муаммолардан бири бўлиб турибди.
Менга адвокат сифатида қийинчилик туғдираётган яна бир масала – бу баъзан асоссиз бўлган процессуал муддатлар. Судларда процессуал муддатларга катта эътибор берилади, бунинг натижасида айбланувчи қамоқда узоқ вақт қолиб кетиши мумкин. Менинг фикримча, кўпроқ эътибор далилларни текшириш, гувоҳлардан баёнот олиш ва ҳоказоларга қаратилиши керак. Бу процедуралар жараёнга ва ҳукм чиқаришга ёрдам беради. Лекин бунинг ўрнига бизда мавжуд процедураларга асоссиз муддатлар қўйилган. Бунинг натижасида, вақт беҳуда сарфланади. Президентнинг суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги сўнгги қарори билан ушбу муаммоларнинг бир қисми ўз ечимини топди.
4. Сизни ишингизнинг жамиятга таъсири қандай деб ўйлайсиз?
Жамиятга келтирадиган фойдам ўз мижозларимга оқланишга ёрдам беришимда, деб биламан. Менинг ёрдамим билан ҳимоям остидаги шахслар ўз оиласи бағрига қайтса, уларнинг тизимга ишончи ортади. Мени ишимнинг жамиятга таъсири шунда.
5. Адвокатлик касбига қизиқишни ошириш учун нима қилган бўлардингиз?
Ўйлайманки, бунга биз адвокатларнинг қилаётган машаққатли меҳнатини тарғиб қилиш, ҳимоячи сифатида эришган ютуқларимизни ёритиш, жамоатчиликни бундан яхшироқ хабардор қилиш орқали эришишимиз мумкин. Биз адвокат касбининг обрўсини оширишимиз керак.