1. Бу танловда нега ғолиб бўлдим деб ҳисоблайсиз?
Мен эълон қилинган иккита номинацияда - Инсон ҳуқуқларининг муваффақиятли ҳимояси ва Устоз-мураббийлик номинациялари бўйича танловда иштирок этдим. Менимча, мен иккаласига ҳам муносиб номзод эдим, чунки фаолиятим давомида ҳимоям остидагиларга нисбатан жуда кўп оқлов ҳукмлари чиқарилишига эришганман. “Устоз-мураббийлик” категориясига келсак, танловга ариза топширганимда 5 нафар стажёрим бор эди. Ҳозирда улар 6 нафарни ташкил этади, уларнинг ҳаммаси имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, ҳозирда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келишмоқда. Мен уларга адвокатлик касби учун, бу касбда муваффаққиятга эришиш учун керакли бўлган барча билим-кўникмаларни бердим.
Ўз фаолиятим давомида юридик соҳада мавжуд бўлган деярли барча идораларда, яъни ширкат хўжаликлари ва давлат корхоналарида ҳуқуқшунос, адлия бошқармасида маслаҳатчи, прокуратура идораларида туман, вилоят ва республикада даражасида терговчи, туман ва вилоят суди судьяси, коллегия раиси, вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи, вилоят адлия бошқармасида ҳам раҳбар лавозимларда ишладим. Қаерда ва қайси лавозимда бўлишимдан қатъий назар, доимий равишда атрофимдаги ходимларга амалиёт бўйича ўзимда бўлган билимларни беришга ҳаракат қилиб келганман.
“Устоз-мураббийлик” номинацияси бўйича мени танлаб ушбу мукофотни беришганидан миннатдорман, келажакда ҳам шу зайлда ишни давом эттириб бориш учун ҳаракат қиламан.
2. Нима учун адвокат бўлишни танлагансиз?
Аввал айтиб ўтганимдек, ҳуқуқшунослик соҳасидаги деярли барча идораларда ишлаганман, ҳар бир идора иш тажрибасини тўлиқ ўзлаштириб олишга ҳаракат қилганман. Қайси идорага бориб ишлаган бўлсам, ўз ҳохишимга кўра ўтиб ишлаганман. Судья бўлган пайтларимда бир кун адвокат бўламан, дердим ҳамкасбларимга. Адвокатлик ишим билан фахрланаман, чунки адвокат сифатида одамларга энг кўп ёрдам бера оламан деб ҳисоблайман. Ҳозирги замонда ҳар бир ишда адолат бўлиши учун адвокатлар ёрдами керак. Биз одамлар билан ишлайдиган ва одамларга ёрдам берадиган ҳуқуқшунослармиз.
3. Энг кўп нима билан фахрланасиз?
Адвокат сифатидаги фаолиятимда 2023 йил февраль ойига қадар 179 нафар судланувчи ва судланганларга нисбатан оқлов ҳукмга чиқарилишига эришганман ва бундан фахрланаман. Уларнинг орасида олий суд қарорлари асосида чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳам бор. Аммо, мени янада кўпроқ фахрлантирадиган нарса бу эмас, балки, ҳимоям остидаги шахсларнинг ҳурматини тиклаб, юзининг ёруғ бўлишига ёрдам беришим, деб биламан. Ҳар қандай адвокат ўз ҳимояси остида бўлган фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилишига эришса, албатта у қилган ишидан фахрланади ва бу уни яхши ишлашга руҳлантиради, ўз устида ишлаб, янги қабул қилинган қонунларни таҳлил қилиб, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиб, натижаларини янада ижобий қилиб боради.
4. Профессионал фаолиятингиздаги энг қийин нарса нима?
Ҳозир суд тизимида мавжуд муаммолардан бири қуйи даражадаги суд инстанциясида кассация тартибида шикоят қилиш тартибларининг қисқартирилишидир. Бунинг натижасида Олий суд иш юритувида кўпроқ ишларни кўриб чиқишига тўғри келаяпти. Менимча Олий суд иш юритувида иш камроқ бўлиб, улар асосан қуйи судларда ишларни кўриб чиқиш ва қонунларни амалиётда қўллашлик юзасидан кўпроқ раҳбарий қарорлар чиқариб туришса маъқулроқ бўларди. Аммо, қийинчиликлар билан бирга, тизимда ижобий ўзгаришлар ҳам рўй бераяпти. Мисол учун, пандемия туфайли бутун дунё ўзгаришига тўғри келди. Рақамлаштиришнинг кенг кўламда қўлланилиши адвокат учун лицензия олиш ва бошқа кўп процедураларни анча осонлаштирди. Адвокатлар палатаси бу борада катта ёрдам бериб келмоқда. Шу қатори, бутун суд тизими ҳам бу янги реалликка мослашишига тўғри келди. Менимча, бу ижобий ўзгариш бўлди. Пандемия муаммолари тизимимизни рақамлаштиришга ундади, рақамли воситаларга ўтдик. Суд заллари видео конференция алоқалари билан жиҳозланди. Биз керакли кўникмаларни тезда ўзлаштирдик ва суд жараёнларини онлайн тарзда ўтказа бошладик. Энди менинг хизмат компьютеримда, нотбукимда ва ҳатто мобил телефонимда барча керакли дастур ва воситалар бор. Суд жараёнини онлайн тарзда хохлаган ҳудуд ва чет эллардан ҳам юрита оламан. Бу янгиликлар адвокатлар учун қийинчилик эмас, имконият бўлди. Одамлар учун ҳам адвокатга мурожаат қилиш ва суд жараёнларида қатнашиш анча осон бўлди.
5. Сизни ишингизнинг жамиятга таъсири қандай деб ўйлайсиз – бирон мисол келтира оласизми?
Адвокат фаолиятининг жамиятга таъсири жуда катта деб ўйлайман, чунки улар ҳуқуқлари бузилган ва нима қилишни билмай қолган инсонларга малакали ҳуқуқий ёрдам беришади. Менинг бир ҳимоям остидаги шахсни жавобгарликка тортишди, аммо асослантирилган ҳолда берилган шикоят ва қўшимча тақдим этилган ҳужжатлар юзасидан суд адолатли қарор қабул қилиб, шу шахсга нисбатан жиноят ишини ҳаракатдан тугатиб, унга оқлов ҳукми чиқаришди. У ўз иш жойига тикланди ва қишлоқ хўжалиги кластерларига раҳбарлик қилиб, ҳозирги кунда 5000 дан ортиқ одамни иш билан таъминлайди, туманлар ва вилоят иқтисодиётига, саноат, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш соҳаларига катта ҳисса қўшиб, ҳаёт сифатини оширишда катта ёрдам кўрсатаяпти.
6. Нега бу танловга ариза топширдингиз?
Бир неча йил олдин мен адвокатлар ўртасида рейтинг бўлиши керак, шунда соғлом рақобат бўлади, энг асосийси, адвокатлар ўзини устида кўпроқ ишлайди деган таклиф билан чиққандим. 2016 йилда менинг адвокатлик бюром мамлакатда энг яхши деб топилди. Бу йил яна танловга ариза топширганимнинг сабаби эса, инсон бир жойда тўхтаб қолмаслиги, муваффақиятларга эришиб боравериши керак, деб ҳисоблайман.