Зафар Тухташов – Йил адвокати-2022 танловининг «Ҳуқуқий ислоҳотлардаги фаоллик» номинацияси бўйича ғолиби

1. Бу танловда нега ғолиб бўлдим деб ҳисоблайсиз?

Халқ орасида ва ҳатто адвокатлар орасида ҳам шундай тушунча борки, унга кўра адвокатлар фақат ҳимоя остидаги шаҳснинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар холос. Аслида, адвокатларнинг роли, вазифаси бундан кенгроқ. Адвокатлар ҳуқуқни қўллаш масалаларида, қонунлардаги муаммолар бўйича ҳам фикр билдиришлари керак, менимча. 

Бу мукофот нафақат менинг меҳнатим, балки адвокатлик фирмамиздаги бутун жамоамнинг саъй-ҳаракатлари эътирофи, деб биламан. Адвокатлик фирмамиз 4 та адвокат ва 10 дан ортиқ стажёрлар ва ёрдамчилардан иборат. Биз одатда умумий жиҳатларга эга бўлган ишлар бўйича бирга ўтириб, уларда қайси тизимли ҳуқуқий муаммолар мавжудлигини ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қандай тавсиялар беришимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. 


2. Ўз ишингиз билан нима учуш шуғулланасиз?

Мен 2008 йилда Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирда университет мақомига эга) тамомладим. Кейин адвокатлик лицензиясини оламан деб юрган пайтларим прокуратура органларига тақсимланганлигимни айтишди. Лекин мен бунга рад жавобини бериб, диплом олганимдан бир хафта ўтиб, адвокатлик лицензиясини олдим. Нега дейсизми? Чунки менга мустақиллик, эркинлик ёқади, ўзим танлаган иш устида ишлаб, ижобий натижага эришиш менга энг катта қувонч келтиради. Ўн йилча ишлаб, мен ҳам судья бўлиб кўришни хоҳлаганман. 2016 йилда судья этиб тайинландим ва бу лавозимда 3 йил ишладим. Лекин касбим барибир адвокатлик эканлигини тушуниб, адвокатурага қайтдим. 

Адвокатнинг мавқеи паст ёки роли катта эмас деган фикрларни жуда нотўғри, деб ҳисоблайман. Орқасида қонун турган адвокатни мен енгилмас куч ва мустаҳкам қалъа деб тасаввур қиламан. Фақат бу кучни рўёбга чиқариб, уни тўғри ишлатмоқ керак. 


3. Нима учун адвокат бўлишни танлагансиз?

Мен ҳуқуқшунослар оиласиданман. Отам судья бўлганлар, бошқа оила аъзоларим ҳам ҳуқуқий соҳада фаолият юритишади. Тақдир тақозоси билан мен талабалик пайтларим адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлаганман ва бу касб қанчалик қизиқ эканлигини кўрганман. Бу касб эгаси мустақил ишлай олиши, ўз иш жадвалини ўзи тузиши ва ҳар куни янги-янги ҳуқуқий муаммолар билан шуғулланиши менга жуда ёқиб қолган.


4. Энг кўп нима билан фахрланасиз?

Ўз ишим билан фахрланаман. Фирмамиз жуда ёш бўлса-да, унда 15 нафар ходим ишлайди. Ишга қабул қилишда биз доимо ёш мутахассисларни қидирамиз ва бунинг сабаби – уларнинг ишга нисбатан иштиёқи. Биз уларни адвокатлик касбига қизиқишларини оширишни ва бу соҳада ўсишларини истаймиз. Баъзан шу сабабдан молиявий даромаддан маҳрум бўламиз. Аммо, бунинг даромад топишдан кенгроқ таъсири ва чуқурроқ маъноси бор.


5. Сизга нима мотивация беради?

Мени адвокатлик касбига ёшларни қизиқтириш руҳлантиради. Университетдан сўнг ёшларнинг ишга жойлашиши қийин, чунки уларга тажриба етишмайди, уларни ишга олишни истайдиганлар кам бўлади. Лекин биз бунинг аксини қиламиз. Ҳеч қандай тажрибаси бўлмаган ёшларни ишга оламиз, уларга устозлик қиламиз, яхши ҳуқуқшунос бўлиб етишишлари учун билим-кўникмалар берамиз. Менга мотивация берадиган асосий нарса – бу ёш мутахасисларнинг шу касбда ўсишини кўриш, бу орқали жамиятимизга ижобий таъсир қилишимни сезиш. 


6. Касбий фаолиятингиздаги энг қийин нарса нима?

Адвокатурада кўп қийинчиликлар мавжуд. Лекин агар сиз ўз ишингизни яхши кўрсангиз, уларни енгиб ўтасиз ва таслим бўлмайсиз. Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Бюрократия билан шуғулланиш ҳеч кимга ёқмайди албатта. Баъзида давлат органлари ходимларининг номуносиб хатти-ҳаракатлари (масалан, маълумот алмашишдан бош тортиши) ишимизни жиддий қийинлаштиради.

Муайян тартиб-таомиллардан ўтиш кўп вақт талаб этиши яна бир қийинчилик бўлиб, у ҳам анча сабрни талаб этади. Ишларни ҳал қилишда кўп вақт йўқотиш адвокат учун энг катта қийинчиликлардан бири, деб ҳисоблайман.


7. Шу пайтгача касбий фаолиятингиз давомида қайси ишингиз ёки эришган қайси ютуғингиз ҳақида одамлар билишини хоҳлаган бўлардингиз? Ишингизнинг жамиятга таъсири қандай деб ўйлайсиз? Бунга бирорта мисол келтира оласизми?

Бир таниқли америкалик ҳуқуқшунос адвокатларни “Конституциянинг пиёда аскарлари” деб таърифлаган. Ҳақиқатдан ҳам бу касб эгалари ўз фаолиятида ҳар куни қийинчиликларга дуч келади. Ишонч билдирувчи шахсларнинг ҳимоясини таъминлаши учун адвокатлар нафақат билим ва қатъият, баъзида жасорат ҳам кўрсатиши талаб этилишини кўпчилик билмайди. Ривожланишимизни орқага тортаётган кўплаб иллатларга қонунчиликдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликлар сабаб бўлади. Уларни ўз вақтида бартараф этиш масаласини мутасадди идоралар олдида кўтариш адвокатларга боғлиқ. Биз ривожланиш тарафдоримиз ва бу жараёнга ўз хиссамизни кўшишга доим ҳаракат қиламиз. Шу нуқтаи назардан, адвокатлар ўртасидаги танловга “Ҳуқуқий ислоҳотлардаги фаоллик” номинацияси ҳам киритилганлиги тақсинга сазовордир. Бу борадаги камтарона меҳнатимни юқори баҳолаган танлов ташкилотчиларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Мен ушбу номинация бўйича “Йил адвокати” деб топилганим касбий ютуқларимнинг энг ёрқини бўлиб қолса керак.

Donors
USA International Narcotics & Law Enforcement Democracy, Human Rights, and Labor Department Of State EU