Камалиддин Бахавадинов

“Йил адвокати-2023” танлови доирасида “Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун” мукофоти билан Камалиддин Бахавадинов тақдирланди.

Камалиддин адвокатлик фаолияти билан 2020 йилдан бери шуғулланиб келади. Адвокатлик фаолияти доирасида у “Abdumalikovich” профили остида ижтимоий тармоқларда (YouTube, Facebook, Telegram, Instagram, LinkedIn) шахсий блогини юритади. У ерда фуқароларнинг ҳуқуқий масалаларини муҳокама қилади, хулосалар чиқаради ва маслаҳатлар беради. Унинг тушунтиришлари туфайли оддий фуқаролар ҳуқуқий саводхонлигини ошириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олади.

“Минтақавий мулоқот” ва “Advokat press” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ғолиб билан суҳбат ташкил этилди.

Сиз “Йил адвокати-2023” танловида ғалаба қозониб, “Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун” мукофотига сазовор бўлдингиз. Сизнингчанима учун айнан сизни ғолиб дебтопишди?

Тақдирлаш маросимига ташриф буюрганларнинг барчаси аслида у ёки бу даражадаги эътирофга лойиқ эдилар. Саволга келсак, “Йил адвокати” мукофотга лойиқ деб топишларини шахсан 2022 йил ёз ойларида ижтимоий тармоқларда туси ўзгартирилган ойналар бўйича мен бошлаб берган “Тонировка-жиноят эмас”номли оммавий челлендж билан боғлаган бўлар эдим. Айнан ушбу мавзу атрофида телеканалларда қилинган ўнлаб чиқишлар, оммавий ахборот воситаларига берилган чеки йўқ интервьюлар ва тушунтиришлар якунда ўз натижасини берди ва мамлакатда пуллик “тонировка” қисман бекор қилинди деб ҳисоблайман. Бундан ташқари бир неча йиллардан буён “Йўл харакати хавфсизлиги қоидалари” ва “Хавфсиз ҳаракат асослари” йўналишида ижтимоий тармоқларда Abdumalikovich номли махсус блогни юритиб келаман. Бугунги кунда
300 мингга яқин кузатувчилардан иборат ўз аудиториям бор. Айнан мана шу ҳаракатларим натижаси ўлароқ ушбу мукофоттга лойиқ деб топишган бўлса ажаб эмас.


Нима учун адвокат бўлишга қарор қилгансиз? Нима учун шу касб билан шуғулланасиз, сизни нима илҳомлантиради?

Шахсан мен учун адвокат бу нафақат ҳимоячи балки ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчиси, хуқуқий билим ва юридик маданият тарғиботининг етакчиларидан биридир ҳам. Мен ҳали адвокатлик фаолиятини бошламаган вақтларим ҳам у ёки бу ижтимоий муаммолар тўғрисида турли интернет платформаларида чиқишлар қилиб турар эдим. Аммо адвокатлик лицензияси бу фаоллигимни бутунлай бошқа даражага олиб чиқди. Энди бирон мавзуда муносабат билдира туриб албатта унинг хуқуқий асослари ҳақида ҳам гапиришни бошладим. Адвокат бўлиш бу талабалик даврларидаги орзуларимдан бири эди десам ёлғон гапирмаган бўламан. Федор Плевако, Марк Герагос каби ўз даврининг мохир ва нотиқ адвокатлари ҳақида кўп ўқир эдим. Мантиқ ва нутқ маданиятига бефарқ эмаслигим айнан адвокатлик фаолиятимда кейинчалик қўл келди десам асло муболаға бўлмайди.


Энг кўп нима билан фахрланасиз? Юридик амалиётингиз доирасида амалга оширган ишларингиздан қайси бирини энг муҳими деб ҳисоблайсиз?

Шубхасиз ўз ишим ва натижаларим билан фахрланаман. Хар бир кейс ва хар бир суд процесси бу мен учун катта имтихон ва катта синовдир. Адвокатлик фаолиятимга у қадар кўп бўлмади аммо шу қисқа муддат давомида кўплаб шов-шувли ишларда муваффақият қозондик. Жумладан “Антиблик иши” номли суд ишимиз салкам 8 ой давом этди аммо якунда ҳимоям остидаги шахснинг айби тегишли тартибда исботланмаганлиги сабабли амалдаги мавжуд қонун нормаларига зид равишда чиқарилган суд қарорларини бекор қилинишига эришдик. Шунингдек, катта муҳокамаларга сабаб бўлган “кўр зона” (слепая зона/blind area) билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси доирасида бўлиб ўтган суд ишида ҳам юк транспорти ҳайдовчисининг хуқуқ ва манфаатлари муносиб ҳимоя қилинди. Мен ҳар бир ғалабали ишимдан жуда катта мотивация оламан ва ўз устимда яна ҳам кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан.


Сўнгги бир неча йил ичида адвокатура соҳасининг ривожланиши ва ҳозирги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

Авваллари адвокатура ва адвокатларга бўлган муносабат баъзан инсон дилини хира қиладиган даражада эканлигини кўриб ёки эшитиб бироз ранжир эдим. Адвокатга бўлган муносабат, унинг суд процессларидаги мақоми хавас қилгудек даржада эмас эди. Адвокатларга шунчаки воситачи сифатида қарашларини ҳазм қилиш жуда қийин эди. Тўғри барча адвокатлар бирдек профессионал ва инсофли дея олмайман аммо ўша камчилик адвокатлар кези келса кўпчилик адвокатлар тўғрисидаги салбий фикрнинг шаклланишига хизмат қилди. Аммо бугунги кунга келиб, барчаси тубдан ўзгарди. Адвокат ва унинг мақоми мамлакат конституцияси даражасида мустаҳкамлаб қўйилди. Адвокатнинг мақоми судья ва прокурор билан тенглаштирилди. Бў ўзгаришлар эса ўз ўрнида бизга жуда кўп нарсалар ҳақида гапиради.


Ишингизнинг энг қийин қисми нима?

Ишимнинг қийин қисмларидан бири бу шубхасиз суд процессларига тайёргарлик кўриш қисми. Судга енгил-елпи фактлар ёки асоси бўлмаган важлар билан бориб бўлмайди. Судга тегишли тартибда тайёргарлик кўрмасдан бориш бу шахсан мен учун мағлубиятга тенгдир. Фаолиятим давомида мен қийнайдиган ҳолатлардан бири эса - бу савиясизлик ва қонунсизликдир. Ҳимоя позициянгиз тўғри бўла туриб, мижозни ҳимоя қила олмаслигингиз алам қилади. Ишонинг ҳозир гап адвокат савияси ҳақида кетмаяпти. Одил судловни таъминлаши керак бўлган шахсларнинг қонун нормаларини тушунмаслиги ёки нотўғри талқин қилиши амалда ҳимояни имконсиз қилиб қўяди ва мен бу билан мутлақо келишмайман.


Сизнинг фаолиятингиз жамиятга қандай таъсир қилади деб ўйлайсиз?

Адвокатлик фаолияти кейинги йиллар давомида энг нуфузли касблардан бирига айланишига шахсан менда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Адвокат юқорида айтганимдек бу нафақат ҳимоячи балки ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчиси, хуқуқий билим ва юридик маданият тарғиботининг етакчиларидан биридир ҳам. Айнан адвокатлар аҳолининг хуқуқий саводхонлиги ва юридик маданияти ошишида мухим роль ўйнайдиган бўғим бўлиб қолади.


Адвокат бўлишга қизиққан ўқувчиларимизга – ҳуқуқшунос талабаларга қандай маслаҳат бера оласиз? 

Мен бўлажак хуқуқшуносларга фақат битта нарсани маслаҳат бераман. Ўз олдиларига аниқ мақсад ва стратегия қўйиб, фақат ва фақат ўз устиларида мунтазам ишлашларини тавсия қилиб қоламан. Ҳарчанд аччиқ бўлмасин аммо ишонинг ҳеч қандай мўжиза юз бермайди. Сиз бирданига бир кечада кучли юрист ёки махоратли адвокатга айланиб қолмайсиз. Барчаси сиз, сизнинг ҳаракатларингиз ва мақсадингизга боғлиқ бўлади. Юқори марраларни забт этиш учун тинимсиз меҳнат ва тизимли равишда ўз устида ишлаш якунда кутилган зафарларга етаклайди.

Donors
USA International Narcotics & Law Enforcement Democracy, Human Rights, and Labor Department Of State EU