“Йил адвокати-2023” танлови доирасида “Касбий маҳорат учун Санджар Ахмеджанович Якубов номидаги мукофот” билан Лилия Вижель тақдирланди.
Санджар Ахмеджановиче Якубов ва ушбу мукофот нега бу инсоннинг исми билан аталгани ҳақида маълумот –
Санджар Ахмеджанович Якубов Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар номзоди ва Ўзбекистон юриспруденция соҳаси тарихида янги саҳифа очган буюк адвокат эди. Асрга татигулик умри мобайнида бир неча авлод ҳуқуқшуносларни тарбиялаб, замонамиз қахрамони ва Ўзбекистон адвокатураси фаҳрига айланди. Санджар Ахмеджанович ўз юртининг фидойиси қандай бўлиши кераклигини, касбий фаолиятда учрайдиган қийинчиликларни қандай енгиб ўтиш ва тақдирини ишониб топширган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қандай ҳимоя қилиш лозимлигини ҳаётининг сўнгги кунларигача амалда намоён этиб яшади. Санджар Ахмеджановичнинг борлиги адвокатура институти учун катта бахт, ютуқ ва мукофот бўлиб келган.
Айниқса Ўзбекистон ўз давлатчилигини барпо эта бошлаган даврда Санджар Ахмеджанович ҳамиша энг зарур вақтда ва энг зарур жойда ҳозир бўлди. Жуда тўғри ва аниқ қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш, қонунчилик базаси пойдеворини солиш керак бўлган ўша даврда Санджар Ахмеджанович, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларини, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги иккита қонунни, “Адвокатура тўғрисида”ги ҳамда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этди.
Санджар Якубовнинг ёрқин хотираси ҳар бир адвокатура вакилининг қалбида ўчмас из қолдиради. Унинг адвокатура институти ривожига қўшган ҳиссаси ҳамкасб ва шогирдларига доимо асқотади ҳамда тарих зарварақларида муҳрланиб қолади.
Санджар Ахмеджановичнинг Ўзбекистонда адвокатура институти ривожига қўшган улкан ҳиссасига ҳурмат ва эътироф сифатида “Йил адвокати-2023” танлови ташкилотчилари Касбий маҳорат учун мукофотини Санджар Ахмеджанович исми билан номлашга қарор қилди.
Лилия Вижель 1996 йилдан бери адвокатлик фаолияти билан шуғулланади. Ўзининг 27 йиллик касбий фаолияти давомида Вижель кўп марта ҳимояси остидаги шахсларни оқлашга эришган, ҳозирда адвокат сифатида муваффақиятли фаолият олиб бораётган бир қанча стажёрларни тайёрлаган ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этиб келмоқда. “Минтақавий мулоқот” ва “Advokat press” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ғолиб билан суҳбат ташкил этилди.
Сиз “Йил адвокати-2023” танловида ғалаба қозониб, Касбий маҳорат учун Санджар Ахмеджанович Якубов номидаги мукофотга сазовор бўлдингиз. Сизнингча, нима учун айнан сизни ғолиб деб топишди?
Касбий маҳорат учун Санджар Ахмеджанович Якубов номидаги мукофот билан тақдирланиш мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Ростини айтсам, мен учун ҳаммаси фақат сертификат тақдим этиш билан чекланади, деб ўйлагандим ва исмимни чақиришганида биринчи сонияларда ҳатто саросимага тушдим.
Ўзбекистонда муносиб, ҳалол ва юқори малакали юристлар кўп ва комиссия улар орасидан айнан мени танлаб, мукофотлашга қарор қилгани мен учун катта шараф ва мен келажакда юртимиздаги энг буюк адвокат Санджар Якубовнинг ўғли Искандар Якубов томонидан тақдим этилган ушбу мукофотни, албатта, оқлашга ҳаракат қиламан.
“Йил адвокати-2023” танлови ҳақида мен Адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаси телеграм каналидан эшитгандим. Ҳар йили ўтказиладиган ушбу танлов натижаларини “Адвокат” журналида кузатиб турардим, лекин ҳеч ариза бермагандим. Энди адвокат сифатида катта тажрибага эга бўлганим сабабли, мен комиссия томонидан баҳоланиши учун ариза юборишга қарор қилдим.
Адвокатлик – мени ҳаётим, фуқаролар ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш – менинг севимли ишим. Тақдирлаш маросимида эришган ютуқларимнинг қисқача рўйхати айтиб ўтилди, жумладан, оқлов ҳукмлари ва мен тайерлаган стажёрлар. Ҳар бир оқлов бир йилдан ортиқ машаққатли меҳнат талаб этади, реабилитатсия эса нафақат менинг хизматларим, балки республикада қонун устуворлигининг ғалабасидир. Ўйлайманки, Комиссия ушбу омилларни, шунингдек, ҳуқуқшунос сифатидаги 27 йиллик тажрибамни ҳисобга олган.
Адвокат сифатида менинг битта мақсадим – малакали юридик ёрдам кўрсатишни давом эттириш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган одамларга ёрдам бериш, ўз тажрибам ва кўникмаларимни ёш юристларга ўргатиш, қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида таклифлар киритиш бўйича янада кўпроқ ҳаракат қилиш.
Нима учун адвокат бўлишга қарор қилгансиз? Ўз фаолиятингизни олиб боришда сизни нима мотивация қилади?
Бу менинг болалик орзуим эди ва тахминан 8-синфдан бошлаб Тошкент Давлат университетининг юридик факултетига ўқишга кириш учун қизғин тайёргарлик кўра бошладим (1989 йил). Ҳимоячи бўлиш, одамларга, ҳатто умидсиз вазиятда ҳам, оилаларга ўз яқинларини озодликдан маҳрум қилиш жойларидан қайтаришга ёрдам бериш, адолат ва қонунийликни тиклаш, дунёни маънавий жиҳатдан тоза ва яхшироқ қилиш мен учун муҳим.
Бу менинг севимли ишим. Менимча, адвокат бўлиш - бу ўзгача касб, мен адвокатнинг ишини шифокорнинг ишига ўхшатаман. Ахир, тўғри ташхис қўйиш, тўғри ва энг муҳими, ўз вақтида қилинган ҳаракатлар вазиятни ҳал қилишга олиб келади (шифокор шифо бергани каби). Менга мотивация керак эмас, фақат ўз ишимни тўғри, ҳалол ва моҳирона бажаришим керак. Албатта, ҳимоям остидаги шахснинг узоқ вақтдан бери долзарб бўлган муаммоси ҳал бўлса, хурсанд бўламан, лекин ўз ишимни миннатдорчилик учун қилмайман.
Шунингдек, мен фуқароларнинг жамиятдаги аҳволи яхшиланишига, қонунчилик янада мукаммал бўлишига, турли давлат органлари фуқароларнинг ҳуқуқларини бузмаслигига, энг муҳими, амалдаги механизм ва меъёрларни амалиётга татбиқ этилишига эришишни жуда истардим-ки, давлат органлари одамларга бюрократик ёндашув билан муносабатда бўлишни тўхтатиб, ўзларининг бевосита мажбуриятларини бажарсинлар.
Фурсатдан фойдаланиб, қонунчиликдаги маҳкумларнинг ҳуқуқларини адвокат иштирокида суд орқали ҳимоя қилиш бўйича жуда муҳим бўшлиқни қайд этмоқчиман. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида ахлоқ тузатиш муассасалари раҳбариятининг интизомий жазо қўллаш тартиби ёки бу жараёнда адвокатнинг иштирок этиши амалда кўрсатилмаган; колония маъмуриятининг бундай хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилмаган, гарчи бу жазолар қамоқда сақлаш (жазо камераси) шароитларининг ёмонлашишига, жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш ёки жазони энгилроқ жазо билан алмаштириш имкони йўқолишига, қамоққа олиш (колонияга ўтказиш) ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштиришга олиб келади. Бу дегани, маҳкумларнинг ҳуқуқлари оёқости бўлиб, маҳкумлар деярли бутунлай Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва махсус прокурорнинг қўлида қолган. Ўйлайманки, бу масалани чуқур ўрганиш ва келажакда халқаро стандартларга мос равишда амалга ошириш учун зарур бўлган қонун ҳужжатларини қабул қилиш зарур.
3. Энг кўп нима билан фахрланасиз? Юридик амалиётингиз доирасида амалга оширган ишларингиздан қайси бирини энг муҳим деб ҳисоблайсиз?
Ҳар бир иш у ёки бу даражада аҳамиятлидир. Мен учун ҳар бир ҳолатда қонун ва адолат устун бўлиши муҳим. Адвокатларнинг турли ҳуқуқ-тартибот ёки суд тузилмалари олдида ўз фикрини билдириб, ўз позициясини ҳимоя қилишга қизиқиши ва жасорати йўқлиги мен учун ачинарли.
4. Сўнгги бир неча йилда адвокатура соҳасининг ривожланишини қандай баҳолайсиз?
Айнан сўнгги йилларда адвокатлик касбининг аҳамияти ортиб бормоқда ва "сизга адвокат нима учун керак, у ҳеч нарсани ҳал қилмайди" деган сўзлар "халқ"дан камроқ эшитилаяпти. Энди кўпроқ фуқаролар ўзлари учун муҳим бўлган тадбирларни ўтказишдан олдин ҳамма нарсани қонун доирасида амалга ошириш учун шунчаки адвокатдан маслаҳат сўрашади. Адвокатура структурасининг ўзидаёқ адвокатларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўриш мумкин. Албатта, бу ерда ҳамма нарса ҳудудий бошқарув бошлиғига боғлиқ. Жиноят ишида 3 нафар адвокатни ҳимоя қилган ва Тошкент шаҳрининг бошқа юқори малакали адвокатлари билан биргаликда айбловларнинг асоссизлигини судда исботлай олган Тошкент шаҳар Адвокатлар ҳудудий бошқармаси раҳбари М.Раҳимовдан жуда миннатдорман. Конституция ва қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳаларни жорий этиш бўйича таниқли ҳуқуқшунослар иштирокида ишчи гуруҳлар тузилиб, Жиноят-процессуал кодексида халқаро стандартлар ва “Миранда қоидалари”ни эътироф этиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Конституцияда эса адвокатларнинг ҳуқуқлари ўз ифодасини топди. Адвокатларнинг малакасини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, турли семинар ва тренинглар ташкил этилмоқда, улар ҳақида Телеграм каналлари орқали барча адвокатлар хабардор қилинмоқда ва уларда ҳар ким иштирок этиши мумкин. Ва яна кўп ишлар амалган оширилмоқда, ҳатто ҳар бир адвокатнинг туғилган кунида оддийгина табриклар ва яхши тилаклар ҳар қандай адвокат учун жуда ёқимли.
5. Сизнингча, бугунги кунда адвокатура олдида турган асосий муаммолар нималардан иборат ва уларни ҳал қилиш йўллари қандай?
Муаммолар кўп, чуқурроқ гапирмайман, фақат ҳар бир адвокатнинг малакасини ошириш масаласига эътибор қаратаман. Зеро, ҳар бир адвокатнинг билими ва уни қўллай олишигина адвокатуранинг нуфузини ошириши мумкин.
6. Ишингизнинг энг қийин қисми нима?
Инсон ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилишнинг имкони йўқлигини англаш ва буни қабул қилиш. Бу ҳар доим ҳам адвокатнинг малакасизлиги билан боғлиқ эмас. Бу қонунлар ва қоидаларнинг номукаммаллиги туфайли, даъво муддатининг ўтиб кетиши, айрим тузилмаларнинг қонунга тўғри риоя қилишни истамаслиги туфайли бўлиши мумкин.
7. Сизнинг фаолиятингиз жамиятга қандай таъсир қилади деб ўйлайсиз?
Бу савол мен учун эмас, балки ҳимоям остидаги шахслар ва ишим доирасида мен билан алоқада бўлган одамларга берилиши керак.
8. Адвокатлик касбига ёшларни қизиқтириш учун нима қилган бўлардингиз?
Қилган бўлардим эмас, аллақачон қилганман, десам тўғри бўлади. Халқаро грант доирасида мен юрист бўлишни хоҳлаб, керакли тажриба ва амалиёт ўташ учун мураббий ва молиявий ёрдам излаётган юридик факултет битирувчиларини ва ўқишни яқинда тугатган ёшларни стажёрликка қабул қилдим. 9 кишини ишга олдим - улардан 5 нафари адвокат бўлиб муваффақиятли ишлаяпти. Лекин асосийси, уларга нафақат тажриба орттириш, стажировка ўташ имкониятини бериш, балки лицензия олгандан сўнг уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқшунос бўлиб етишишига кўмаклашишдир. Бунинг учун уларнинг касбий фаолиятининг бошида мен уларга оддий тоифадаги ишлар бўйича мижозларимни юбордим ва уларга маслаҳат бердим. Шундай қилиб, одамлар ўзи ушбу адвокатлар ҳақида билиб олди, уларнинг мижозлари пайдо бўла бошлади ва улар адвокатлик касбининг "мустақил рельслари" га ўта бошладилар.
9. Адвокат бўлишга қизиққан ўқувчиларимизга – ҳуқуқшунос талабаларга қандай маслаҳат бера оласиз?
Маслаҳат - ўқиш, ўқитувчилардан максимал билим олиш, ҳуқуқий онгни ошириш бўйича мустақил ишларни амалга ошириш. Буларнинг барчаси адвокатдек олижаноб касбда фойдали бўлади. Талабалар адвокатнинг иши билан бевосита танишишлари учун ҳуқуқшунослик факултетлари ҳам Адвокатурани талабалар амалиётининг бир қисми сифатида киритишларини истардим.